2020 йил 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги «Уй-жой кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича» лойиҳа муҳокама учун жойлаштирилди.
Лойиҳада фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган масалалар, жумладан, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи, унинг вужудга келиш тартиби, уй-жой ижараси, турар жойни ижарага бериш ҳақи, турар жойни алмаштириш ва айирбошлашга оид қоидалар чиқариб ташланмоқда.
Шунингдек, Уй–жой кодексига қуйидагилар киритилади:
- уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жиҳатлари
- турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказиш тартиби
- боғдорчилик ва бошқа ер участкаларида жойлашган иморатларни уйлар деб тан олиш тартиби
- кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ва якка тартибдаги турар жойлар орасида ёки уларга ёндош қурилган нотурар жойларда амалга оширилиши тақиқланган фаолият турлари рўйхати
- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида турар жой қуриш, мулк ҳуқуқи ёки фойдаланиш ҳуқуқи асосида юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларида турар жой қуриш асослари ва тартиби
Лойиҳа ўзида кўп сонли қонуности норматив ҳужжатларини бирлаштиради. Хусусан, илгари уйларни реконструкция қилиш, жисмоний ва юридик шахслар томонидан уй-жойдан фойдаланиш нормативларини белгилаш, уй-жой эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қайта кўриб чиқиш ва бошқа масалалар тўлиқ қамраб олинмаган эди.
Лойиҳа 21 октябргача муҳокамада бўлади.